ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ТУРКИСТОН ВИЛОЯТИ ТУЛКИБОШ
ТУМАНИ
Миразизова Муяссар
ГуламжаНОВНА
АЛИШЕР НАВОИЙ НОМЛИ
УМУМИЙ ЎРТА МАКТАБ
ЎЗБЕК ТИЛИ ВА АДАБИЁТИ
ЎҚИТУВЧИСИ
Мен ёшларга
ишонаман...
(МАҒЖОН ЖУМАБОЕВ
ТАВАЛЛУДИНИНГ 130 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНАДИ)
Туркистон – 2023
Мен ёшларга
ишонаман...
Миразизова Муяссар
Гуламжановна
Туркистон вилояти Озодлик
қишлоғи
Алишер Навоий номли умумий ўрта
мактаб
ўзбек тили ва адабиёти
ўқитувчиси
Инсоният ер юзида пайдо бўлибдики, у эртанги кунига умид ва
ишонч билан яшайди. Бизнинг эртамиз бу ҳозирги ёшлардир. Тўнғич
президентимизнинг «Ёшлар - келажагимиз пойдевори. Бу пойдеворни
қуриш эса билимли ёшлар қўлида», деган ибратли фикрларини ёдга
солгим келади. Ёшлик шу нарса билан бахтиёрки, унинг келажаги бор.
Ёшлик инсон ҳаётининг сўнгги йиллари учун уруғ қадаладиган баҳор
палласидир. Шундай экан, мен ҳам ёшларнинг келажаги
бугунгидан ҳам порлоқ бўлишига
ишонаман.
Арслондай
ҳайбатли,
Йўлбарсдайин
ғайратли,
Қанотлари бургутдек
,
Мен ёшларга
ишонаман.
Ушбу ўлмас сатрлар соҳиби улуғ
маърифатпарвар шоир Мағжон Жумабоев ҳам келажагимиз эгаларига катта
ишонч билдирганлар. Биз устозлар ҳам фаолиятимиз давомида «Мен
ёшларга ишонаман» шеърининг муаллифи,
мустақилликнинг қўрқмас
куйчиси Мағжон Жумабоевнинг ҳаёти
ва ижоди билан ўқувчиларни таништирар эканмиз, унинг таржимаи
ҳолидаги фактларни албатта айтиб кетамиз. Буюк сиймонинг ижодини
ўрганиш давомида шоир эндигина ижод қила бошлаганидаёқ миллатнинг
бирлиги, тақдири, келажаги уни қаттиқ безовта қилганлигини
таъкидлаб ўтамиз. Халқи келажаги учун қайғурган Мағжон Жумабоев ҳам
қозоқ халқининг бирлиги ва келажак тақдирини она тилида, деб
ҳисоблаганлигини таъкидлаймиз. Истеъдодли шоир ўз асарларида она
тилини фақатгина мадҳ этиб, мақтабгина қолмай, балки тил миллатни
сақлаб қолади, дея ҳайқирганининг гувоҳи бўламиз. «Мен ёшларга
ишонаман» шеърини ўқир эканмиз,
Кўзларида олов
бор,
Сўзларида олов
бор,
Юрагида ори
бор,
Мен ёшларга
ишонаман.
Шоирнинг юксак ишонч билан айтган мисралари орқали,
албатта, бизда ҳам умид учқунлари пайдо
бўлади.
Биз биламизки, илмга чанқоқ бўлган Мағжон болалигиданоқ
турк, араб, форс ва рус тилларини севиб, мукаммал ўрганган, шу
билан бирга, ана шу тиллардан тўғри фойдаланиб, ниҳоятда кўп фойда
орттирган. Шундай бўлса ҳам, шоир она тилининг инсон ҳаётидаги
ўрнини, ҳақиқатда у миллатнинг борлиги, борлиғи эканлигини ҳеч
қачон ёдидан чиқармаган ажойиб миллатпарвар шоир
эди.
Биз туркийзабон миллат
фидойиси Мухтор Авезов истеъдодли шоир,
халқи келажаги учун қайғурган Мағжон
Жумабоевни «Абайдан кейинги маърифатпарвар , буюк ижодкор», дея
эътироф этганлиги бежиз эмаслигини биламиз, зеро, у ҳам қозоқ
халқининг буюк даҳолари каби ўз миллатининг улуғлиги ҳамда
қудратини намойиш этди ва севимли халқини маърифатга
чорлади.
Донолар «Ёшлик – умр гулшанининг гултожи”, дейдилар. Шу ўринда мен
эътиборни аждодларимизнинг ҳаёт йўлларига қаратгим келади. Буюк
бобокалонимиз Алишер Навоий ёшлигидан илм ўрганишга, китобга меҳр
қўйган. Тинимсиз мутолаалар сабаб, у йигирма саккиз ёшида мукаммал
билимлар эгаси, мутафаккир, эл-юртга танилган шоир ва тажрибали,
инсонпарвар давлат арбоби даражасига эриша олган. Дунё халқларини
ўз илми билан ҳайратга солган Абу Али Ибн Сино ўн олти ёшидаёқ
Қуръони Каримни ёддан билган ва тиббиёт илмига ихлос қўйиб, табиб
мақомини олган. Бу каби инсонлар навқиронлик даврининг қадрига
етиб, фурсатни ғанимат билиб, уни билим ва ҳунар ўрганиш учун
сарфлаганлар. Шунинг натижасида оламшумул даражадаги фозиллар
қаторидан ўрин олганлар.
Мағжон Жумабоев «Мен ёшларга ишонаман» шеърида ёшларни юрагида имони бор,
Қуръони Каримни билган, Алашнинг қурбони бўлганлигини таъкидлайди.
Ижодкор ўз асарларида бизга етказмоқчи бўлган фикр-мулоҳазаларини
очиқ-ойдин айтади. Натижада шеърнинг таъсирчанлиги янада ошади,
қиймати кўтарилади.
Бетакрор мисралар соҳиби
Мағжон Жумабоев ижоди ҳозирги
ёшлар учун ҳам тарбия, ҳам тажриба мактаби ҳисобланади, унинг
асарлари қозоқ адабиётида рамзли образлилик сингари устувор
йўналишни белгилаб келаётгани бунинг исботидир. Забардаст шоирнинг
ижоди ҳамиша барҳаёт. Шу ўринда Насимхон Раҳмоновнинг «Ерда ел бўлиб гувлаган
шоир» мақоласидан парча келтириб ўтишни жоиз, деб
билдим: “Мағжон Жумабой “Мен кимман?” шеърида ўзининг суратини
ҳам, сийратини ҳам кўрсата олган. У ер юзида Арслону Йўлбарс, айни
пайтда Эркатой; кўкда – нуридан ҳаммани баҳраманд қиладиган Кун,
ўжарлиги тутса, тошқин Денгиз, ёндириб йўқ қиладиган Олов,
бошқаларни чангларида қолдириб кетадиган Тулпор… Мағжон шу шеърида
“Мен ўлмайман, менинг жоним ўлмайди… Сўзим қутлуғ, топинаман
сўзимга” дея қатъият билан аҳд қилган. Ҳа,
ҳақиқатдан, Мағжон Жумабой ўлмаган! Унинг қутлуғ сўзлари қозоқ ва
ўзбек, жамики туркий халқлар орасида тоабад
яшайверади!”
Юқоридаги фикрлардан
келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, ёшлик ҳар бир инсонга
ўзлигини англаш, комилликка интилиш, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини
топиши учун бериладиган катта имкониятдир. Шундай экан, биз ёшларга
ватанимиз келажаги уларнинг қўлида эканлигини тушунтиришимиз лозим.
Қайтарилмас ёшликнинг қадр-қимматини тўғри баҳолашга ўргатишимиз
керак.
Хулоса қилиб айтганда,
марду майдон ўғлонлар, ор-номусли қизлар бор экан, юрт тараққиёти
бардавом, ёрқин келажакка ишонч мустаҳкам
бўлади.